Оила — аёл муваффақиятида асосий тиргакдир

Омади келган, иши юришаётган аёлга ҳавас қилиш осон. У бу муваффақиятлари ортида қанчалар машаққат ва бедор тунлар, синовли кунлар турганини ҳар доим ҳам бошқаларга айтавермайди. Танишинг, Марина Жабборова — наманганлик тадбиркор. Маълумоти олий, инглиз тили ўқитувчиси. 2019 йилда миллий либослар ҳамда акссессуарлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб бошланган тадбиркорлик фаолияти бугунги кунга келиб 100 дан ортиқ кишини бирлаштира олган, иш билан таъминлаётган катта жамоага айланди. “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамда БМТ ТДнинг ҳамкорликдаги Coozin.uz лойиҳасида 200 дан зиёд хотин-қизларни кулинария соҳасига ўқитишда фаол иштирок этди. “Аёлни оила аъзолари яқиндан қўллаб-қувватлаб турсагина у муваффақиятга, эътирофларга эришади”, дейди Марина. У бугун ўзининг овқатланиш шаҳобчаси, миллий ҳунармандчилик маркази ҳамда ярим тайёр егуликлар ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхонасига эга йирик тадбиркор.