“Меҳмонхона бизнесидаги аёллар”
Меҳмонхона бизнеси туризм тобора ривожланиб бораётган минтақамиз учун катта аҳамиятга эга. Бу соҳада аёлларнинг ҳам сафи ортиб бораётгани “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясига шу соҳага йўналтирилган янги лойиҳани амалга оширишга туртки берди. Ассоциация USAIDнинг тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш бўйича лойиҳаси ҳамкорлигида “Меҳмонхона бизнесидаги аёллар: келажакдан меҳмондўстлик анъаналари” лойиҳасини бошлади.
📌Ушбу лойиҳа меҳмонхона бизнесини бугунги замон талабига мос тарзда бошқариш кўникмаларини ўргатишга қаратилган. Унинг иштирокчиларига тақдим этилаётган янгиликлар ва янги ёндашувлар замонавий менежментга, меҳмонхонанинг барқарор ривожланишига, унинг фаолияти самарадорлигини оширишга ва янги мижозларни жалб қилишга ёрдам беради ҳамда хизмат кўрсатиш стандартлари ва меҳмондўстлик маданиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Андижонда мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилган 3 кунлик ўқув семинари муваффақиятли тарзда ўтди. Тренинг назарий ва амалий қисмдан иборат бўлиб, меҳмонхона соҳасида иш олиб бораётган хотин-қизларга янги билим ва малакага эга бўлиш имконини берди.