“Тадбиркор аёл”

Халқаро ишбилармон аёллар Ассоциацияси

1991 йилда нодавлат, нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган.
Асосий мақсад – хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кенгайтириш ва ҳимоя қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг тадбиркорлик ва ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инновацион таълим дастурларини жорий этиш орқали молиявий ва ахборот ресурсларидан фойдаланишни таъминлашга кўмаклашиш, аёллар меҳнатининг рақобатбардошлигини оширишдан иборат. Шунингдек, тадбиркор аёлларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш йўли билан уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий имкониятларини оширишнинг институционал-ҳуқуқий механизмларини яратишдир.

Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқаришни мақсад қилган нодавлат ташкилотлардан бири — “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси бўлди.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 14 та вилоят ва 83 та шаҳар ҳамда туман филиалларини ягона тармоққа бирлаштирган бўлиб, уларда 200 дан ортиқ мутахассислар аёллар тадбиркорлигини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий билимларини ошириш, касб-ҳунарга қайта тайёрлаш, малакасини оширишга кўмак бериб келади. Шу билан бирга ассоциация оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни тарғиб қилиш орқали аёллар бандлигини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.

Ассоциациянинг ўтган йиллардаги асосий фаолият йўналишларидан бири бу тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқий ва касбий саводхонлигини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ва ўқув курслари бўлди.