Покистон ва Ўзбекистон ишбилармон аёллари билан халқаро онлайн семинарлар

18.11.2021

15-17 ноябрь кунларида Исломобод Глобал бизнес тадқиқотлари маркази (CGSS) томонидан “Муваффақиятли бизнес” деб номланган уч кунлик онлайн ўқув семинари бўлиб ўтди. Унда чекка ҳудудларимизда фаолият юритаётган 150 нафар тадбиркор аёлларимиз аграр соҳада креатив лойиҳалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

 

Онлайн семинар-тренингда қишлоқ хўжалиги стартаплари, мева-сабзавотчилик, балиқчилик, кичик бизнесни бошқариш, деҳқончилик ғояларининг мақсадга мувофиқлигини таҳлил қилиш масалалари муҳокама этилади. Семинар иштирокчиларига покистонлик малакали бизнес тренерлар томонидан ташқи ривожланган бозорларга чиқиш сир-асрорлари ҳақида маълумотлар берилади.

 

18 ноябрда “Покистон ва Ўзбекистон ишбилармон аёллар бизнес алоқалари истиқболлари” мавзусида халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон ва Покистон юқори иқтисодий салоҳиятга эга бўлган давлатлар сирасига киргани боис, ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжуд.

 

Икки мамлакатни буюк тарихий, маданий ва диний алоқалар боғлаб келган. Айниқса, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти ташаббуси билан Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро савдо алоқалари ривожланиб бормоқда. Бинобарин бу алоқалар, айниқса, савдо, иқтисодиёт, сармоя ва бошқа тегишли соҳаларда катта истиқболларга эга. Ҳар икки мамлакатда ҳам ҳамкорликнинг фойдаланилмаган кенг имкониятлари мавжуд. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда тадбиркор аёлларнинг ўрни муҳимдир.

 

Конференция 2 сессиядан иборат бўлиб, унда ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма корхоналар тузиш, лойиҳаларга инвесторлар ва потенциал шерикларни жалб қилиш, аёллар раҳбарлигидаги корхоналар экспорт салоҳиятини ошириш, икки мамлакат бизнес манфаатларини бирлаштириш, мамлакатлараро ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, халқаро бизнес коммуникациялари, маданиятлараро маркетинг, Покистон Ўзбекистон аёллар ишбилармонлик ҳаракати янги истиқболлари, ахборот технологиялари, фармацевтика, тўқувчилик, қурилиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

 

Ҳар бир йўналиш бўйича муҳокамаларда Покистон ва ўзбек бизнес экспертлари бахс мунозараларда қатнашишди.

 

Онлайн конференция ишида Ўзбекистон Республикасининг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов, Исломобод Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази директори Халид Таймур Акрам, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудовалар иштирок этишди.

 

Ҳар бир йўналиш бўйича муҳокамаларда Покистон ва ўзбек бизнес экспертлари бахс мунозараларда қатнашишди.

 

Онлайн конференция ишида Ўзбекистон Республикасининг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов, Исломобод Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази директори Халид Таймур Акрам, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудовалар иштирок этишди.

737