Тадбиркор аёллар маҳсулотлари экспортга

Мамлакатимиз тадбиркор аёлларининг маҳсулотларини дунё бозорига олиб чиқиш  “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Буни яхши ҳис қилган ассоциация раҳбарияти  жорий йилда хорижий давлатларда ўз савдо уйларини ташкил этиш лойиҳасига қўл урди. Мазкур савдо уйларида ассоциация аъзолари бўлмиш хотин қизлар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар билан савдо қилиниши кўзда тутилган.    

Тадбиркор аёлларимизни экспортга йўналтирилган маҳсулотлар тайёрлашлари ва бу борада керакли ҳуқуқий билим ва салоҳиятга эга бўлишларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Ушбу мақсадда Германиянинг Фридрих Эберт номидаги жамғармаси Ўзбекистон ваколатхонаси билан бирга “Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчи тадбиркор аёлларга ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришдаги ҳуқуқий кўмак” мавзусида конференция ўтказилди.

Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркор хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг экспорт фаолиятига ҳуқуқий ёрдам беришнинг меъёрий-ҳуқуқий, методологик ва амалий жиҳатларини таҳлил қилиш конференциянинг асосий мақсади бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси,  Давлат божхона қўмитаси каби давлат органлари масъул ходимларининг юртимизда тадбиркорлик субъектларига, хусусан, экспорт операцияларини амалга ошириш йўналишида яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар, преференциялар ёритилган маърузалари тингланди.

Ассоциация вакиллари Литвада ўтказилган “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” бўйича халқаро  конференцияда иштирок этдилар. Озиқ-овқат хавфсизлиги жаҳон ташкилотининг минтақавий бўлимига аёллар тадбиркорлиги асносида мамлакатимиз озиқ-овқат таъминоти дастурига ҳисса қўшувчи, жумладан, оилаларда паррандачиликни ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар.